Карантин даврида электрдан қарздорлар тармоқдан узилмайди; телефон алоқасини ўчириш ҳам тақиқланди

“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти «юзага келган эпидемиологик вазият, яъни карантин даврида енгиллик яратиш мақсадида электр энергиясидан қарздор истеъмолчилар (жисмоний) тармоқдан вақтинча ажратилмаслиги»ни маълум қилди.

Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати ўз расмий сайтида хабар тарқатди.

«Бундай саъй-ҳаракатлар, албатта, истеъмолчиларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилгандир»¸ дейилади хабарда.

АЖ баëнотида «фойдаланилган электр энергияси учун мавжуд барча тўлов тизимлари ҳамда банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан туриб тўловларни амалга ошириш» мумкинлиги¸ карантин даври тугаши билан тўпланиб қолган қарздорликни бартараф этиш лозимлиги ҳам эслатилган.

Шу мазмундаги баëнотни Ўзбекистондаги йирик телекоммуникация ширкати Ucell ҳам эъон қилди.«Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан телефон алоқаси ва Интернет тармоғига уланиш хизматларини (симли алоқа тармоқларида) ўчириб қўйиш тақиқланган.

Мобил радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари, шу жумладан COSCOM МЧЖ (Ucell савдо белгиси) томонидан тақдим этилаётган хизматлар ушбу қарор доирасига кирмайди ва тўловсиз хизматларни тақдим этмайди.

Шу билан бирга, Ucell Компанияси таълим ва тиббиёт соҳасида кўплаб сайтларнинг саҳифасига бепул кириш имкониятини очганлигини эслатиб ўтамиз. Қисқа фавқулодда ёрдам хизматларига қўнғироқлар ҳам бепул. Бундан ташқари, рақобатдош нархларда бир қатор янги тарифлар ва хизматлар жорий этилди
»¸ дейилади ширкат баëнотида.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон вилоятларининг аксар қисми йиллардан бери электр тақчиллигидан азият чекиб келмоқда. Электр тармоқларидаги узилишлар боис туманларда мобиль алоқа сифатининг ҳам ëмонлиги айтилади.