Давлат мулкини ижарага олганлар 24 мартдан бошлаб тўловдан озод этилди

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистондаги барча емакхоналар 24 мартдан бошлаб бутунлай ëпилди.

Давлатга қарашли объектларни ижарага олиб ишлаëтган ва ҳукумат киритган кескин чекловлар ортидан фаолиятини тўхтатган тадбиркорлардан карантин даври учун ижара пули олинмайди.

Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги 25 март куни ўз расмий сайтида хабар қилди.

Шу кунга қадар давлат мулки объектларидан ижара шартномаси асосида умумий овқатланиш, ўқув марказлари, жисмоний тарбия, спорт, туризм ва бошқа соҳаларда фойдаланиб келаётган аммо, карантин сабабли Республика махсус комиссияси қарорига кўра, фаолияти вақтинча тўхтатилган тадбиркорлик субъектларига фойдаланмаган даври учун ҳеч қандай ижара пули ҳисобланмайди ва тўланмайди”¸ дейилади агентлик расмий баëнотида.

Пандемия оқибатида оғир аҳволга тушиб қолган тадбиркорларга Агентлик томонидан берилгани айтилган имтиëзлар орасида “инвестиция мажбуриятининг бажарилишини кечиктирганлик учун пеня ҳамда жарималар ҳисобламаслик ва мажбурият бажарилмагани учун шартномаларни бекор қилмаслик” ҳам бор.

Айтилишича¸ жорий вазиятда Инқирозга қарши кураш Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, тадбиркорлар томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилиши муддатлари узайтириб берилади.

Бундан ташқари¸ жорий эпидемиологик вазиятда “давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалда бўлган шартномаларга асосан харид тўловлари ўз вақтида бажарилмаса Инқирозга қарши кураш Республика комиссияси ва унинг ҳудудий штабларининг қарорларига кўра, муддат қайта кўриб чиқилади”.

Шунингдек¸ Агентлик бир ой ичида “ хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши мажлислари ва акциядор (иштирокчи)ларнинг умумий йиғилишларини онлайн режимда масофадан туриб, замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда овоз бериш орқали ўтказиш тизими” жорий этилишини билдирган.

Ўзбекистон президентининг 20 март кунги фармони билан мамлакатда коронавирус пандемияси тарқаши олдини олиш ва унинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш билан шуғулланувчи Инқирозга қарши кураш комиссияси ташкил этилди.

10 триллион сўм маблағ берилиши айтилган бу комиссияга Бош вазир Абдулла Арипов раислик қилмоқда.