Бухоро шаҳрига кириш-чиқиш тўхтатилди

Бухоронинг эски шаҳар қисми.

Жорий йил 27 март куни соат00:01 дан бошлаб Бухоро шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Бухоро шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан вилоят туманларига чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатилди. Бу ҳақда Бухоро шаҳар ҳокимлиги маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Бухоро шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Бухоро шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга Бухоро шаҳрига кириш учун, вилоят туманларидан Бухоро шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.