Хитойлик шифокорлар гуруҳининг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлардан 11 нафари шифокор экани айтилган.

Хитойлик бир гуруҳ шифокорларнинг 30 март куни Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. “Кун уз” нашри Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасига таянган ҳолда бу ҳақда хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, хитойлик шифокорлар коронавирусга қарши курашда “ўзбек ҳамкасбларига амалий кўмак кўрсатади”.

Маълумотда шифокорлар сони айтилмаган. Айни пайтда хабарда: “Хитой Халқ Республикаси ҳукумати яқинда 15 кишидан иборат хитойлик шифокорларнинг яна бир гуруҳини Ўзбекистонга юбориш масаласини кўриб чиқмоқда”, деб маълум қилинган.

20 март куни ўтган брифингда Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бошлиғи, давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков президент Шавкат Мирзиёев хитойлик мутахассисларни махсус рейс билан Ўзбекистонга олиб келиб, профилактика тадбирлари бўйича маслаҳат ва кўмак олиб бўйича топшириқ бергани тўғрисида айтган эди.

Хабарларда Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга 100 мингга яқин тиббиёт ходими жалб этилгани айтилган.