Масофавий (уйдан) ишлашга оид махсус тартиб тасдиқланди

"Уйда қолинг" акцияси давом этмоқда.

Адлия вазирлигида 28 март куни рўйхатдан ўтган буйруқ билан¸ Ўзбекистонда масофавий ишлашга ўтиш тартиби тасдиқланди.

Бу ҳақда 30 март куни вазирлик ўз Telegram каналида хабар қилди.

Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ билан тасдиқланган низомга кўра, карантин даврида иш берувчи ходимнинг розилиги билан уни масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказиши мумкин”¸ дейилади расмий хабарда.

Масофавий¸ яъни уйдан ишлаш тартиби¸ вазирликнинг таъкидлашича¸ биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимларга қўлланилади.

Ходимнинг масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказилиши иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади ва бу ҳақда меҳнат шартномасига ўзгартиш киритилади.

Адлия вазирлиги изоҳида масофавий ишлашга ўтганларга иш берувчи томонидан иш учун зарур бўлган жиҳозларнинг берилиши¸ алоқа воситалари ва Интернет билан таъминлаш, ходим шахсий жиҳоз, техника воситаларидан, Интернетдан фойдаланганда харажатларни қоплаш тартиби ҳам меҳнат шартномасида кўрсатилиши лозимлиги айтилган.

Мазкур ишлаш усулига ўтказилган ходимларнинг меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолинади”¸ дейилади Адлия вазирлиги изоҳида.

Коронавирус тарқалишини тўхтатиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати ҳам аҳолини уйда қолишда рағбатлантиргани ва мамлакатнинг аксар қисмида карантин режими жорий қилингани ортидан аксар давлат ва нодавлат ташкилотлари ўз хохимларини масофавий ишлашга ўтказишга мажбур бўлмоқда.