ИИВ автотранспорт учун стикер бериш жараёнидаги ажиотаж ва навбатларга аниқ изоҳ бермади

Хусусий автомобил назорат қилинмоқда, 25 март, 2020 (иллюстратив сурат)

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсов бирифинг ўтказди.

Матбуот котибига мамлакатда автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши, тўйлар ва карантин қоидаларига риоя қилиниши бўйича саволлар берилди.

Жумладан, Шохруҳ Ғиёсовга автотранспорт воситалари учун махсус рухсатнома - стикерлар бериш жараёнида кузатилган ажиотаж ва навбатлар ҳақида савол берилди:

"Давлат хизмати агентликларида одамлар тўпланиб ажиотаж ҳосил қилишди, бугун эрталабдан ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда. Кўпчиликка рад жавоби бериляпти, биринчи савол нега уларга рад жавоби бериляпти, иккинчи савол шу чекловларни уч-тўрт кун олдин эълон қилса бўлмасмиди?"

Ғиёсов аввалига қайси турдаги транспорт воситаларига стикер берилишини санаб ўтди-да, сўнгра: "Бошқа транспорт воситаларига стикер берилмайди. Давлат хизматлари марказларида тўпланманг, у ердаги ходимларни ва ўзингизни асабингизни бузманг!" деди.

Матбуот котиби навбатларнинг асл сабаби - яъни, бу чекловлар нега бир неча кун олдиндан эълон қилинмади, деган саволга жавоб бермади.

Шунингдек, Ғиёсов хаста одамни шифохонага олиб бориш зарурати туғилса, фуқаролар шахсий автомобилидан фойдаланиши мумкинлиги ва буни ИИВ ходимларига тушунтириши кераклигини айтди.

Ғиёсов билан мулоқотни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Ўзбекистонда 30 мартдан шахсий автомобилда шахсий мақсадда ҳаракатланиш тақиқланди.

Ҳукумат комиссияси қарори билан маълум турдаги автранспорт воситаларига махсус рухсатнома - стикер билан ҳаракатланишга рухсат берилди.

Стикерлар 29 март Давлат хизматлари агентликларида берила бошлади. Ўша кезданоқ, агентликлар олдида автомобили бор кишиларнинг тирбанд навбатлари кузатила бошлади.

Бу навбатлар ва тўсатдан жорий этилган чекловлар ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Озодликка келаётган хабарларга кўра, автомобил учун рухсатнома олиш истагида бўлган кишиларнинг навбатлари бугун ҳам давом этмоқда.