Юнусободда ими-жимида "куёвнавкар чақириш" маросимини қилган ота устидан жиноят иши очилди

ИИВ ходимлари аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда, 25 март, 2020

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсов бирифинг ўтказди.

Матбуот котибига мамлакатда автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши, тўйлар ва карантин қоидаларига риоя қилиниши бўйича саволлар берилди.

Ғиёсовнинг маълум қилишича, 28 март куни Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида “куёв навкар” маросимини ўтказган отага нисбатан жиноят иши очилган.

Матбуот котибига кўра, яшовчи 1965 й.т. фуқаро қизини узатиш мақсадида “куёв навкар” маросимини ўтказган. Тадбирга, ўзининг қариндошларини, куёв ва унинг дўстларини таклиф этган.

"Ваҳоланки бир кун олдин бу фуқаро профилактика инспектори ва маҳаллари раиси томонидан бундай тадбир ўтказиш карантин қоидаларини қўпол равишда бузиш эканлиги билан, расмий равишда тилхат олиб огоҳлантирилган", деб маълум қилди Ғиёсов.

Аммо, огоҳлантирувга амал қилмагани учун бу шахсга Жиноят кодексининг 257 прим 1-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Ғиёсовга кўра, бу шаклда - “ими-жимида” тўй маросими ёки бошқа йиғинларни ўтказиш тақиқланган. Агар ички ишлар органлари тўй ёки бошқа маросимларни ўтказилаётганини аниқласа, шахс жиноий жавобгарликка тортилади.

Айни пайтда, ИИВ матбуот котиби дафн маросимлари бундан мустасно эканини қўшимча қилди.

Шунингдек, Ғиёсов хаста одамни шифохонага олиб бориш зарурати туғилса, фуқаролар шахсий автомобилидан фойдаланиши мумкинлиги ва буни ИИВ ходимларига тушунтириши кераклигини айтди.

30 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 145 кишида вирус аниқланди.

7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Барча вилоятлар маркази ва йирик шаҳарлар ёпилган, 25 мартдан кўчада ниқобсиз юриш тақиқланган.

Алоҳида автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома билан ҳаракатланишга рухсат берилди, шахсий автомобиллардан шахсий мақсадда фойдаланиш 30 мартдан тақиқланди.

Дунёда вирус юқтирганлар расмий сони эса 725 мингдан, ўлганлар сони эса 34 мингдан ошди. Тузалганлар 152 минг атрофида.