Чекка ҳудудлардаги аҳоли учун зарур дориларни дорихоналар уйига етказиб бериши айтилди

АОКА ҳузуридаги штабда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказди.

Отабековга Ўзбекистондаги қатор вилоятлар ва қарийб барча йирик шаҳарларда ҳаракатланиш чекланган, хусусий автомобиллардан фойдаланиш тўхтаган бир пайтда касаллар шифохонага қандай етиб олиши мумкинлиги ҳақида сўралди.

Отабековга кўра, бунинг бир йўли бор - шифокорни чақириш:

"Бундай вазиятда шифокорни чақирсангиз улар уйингизга келишади, зарур ҳолатда тез ёрдам машинасида шифохонага етказилади".

Бундан ташқари, чекка туман ва қишлоқлар аҳлига кундалик зарур дори воситаларини дорихоналар етказиб беришини таъкидлади.

Коронавирусга қарши курашга қўшилиш истагини билдирган тиббиёт ходимларига эса захирадаги шифокор ва тиббиёт персоналлар рўйхатига ёзилишни, 14 кунда шифокорлар гуруҳи алмашаётгани боис, уларга эҳтиёж борлигини айтди.

Шунингдек, Отабековдан вакцина чет мамлакатларда яратилса у Ўзбекистонга қанчада келиши мумкинлиги ҳақида сўралди.

Нурмат Отабеков: "Вакцина даволаш воситаси эмас. Вакцинация профилактика мақсадида амалга оширилади. Мабодо вакцина ишлаб чиқарилиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ушбу вакцинани самарали деб топиб, кенг жамоатчиликни эмлаш календари ёки эпидемик кўрсатмага асосан эмлаш лозим деб топилса, шунга қараб кейинги тактика белгиланади", деб жавоб берди.

Брифингни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин: