Кореялик профессор коронавирусга қарши кураш доирасида Ўзбекистонга таклиф этилди

Цой Чже Ук Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси. Сурат Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтидан олинди.

Корея Республикасининг Корё университети профессори Цой Чже Ук коронавирусга қарши кураш методологиясини уйғунлаштириш доирасида халқаро эксперт сифатида Ўзбекистонга таклиф этилди. У 30 март кунидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлигида иш бошлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 30 март куни билдиришича, Цой Чже Укдан “бугун ва эртага қандай чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан маслаҳат олинади". Бундан ташқари “ҳамкорликда ишни ташкил қилиш ҳамда дунё ва Корея Республикаси тажрибаси билан мамлакатимизда қўлланилаётган коронавирусга қарши курашиш бўйича бугунги методологияни уйғунлаштириш” назарда тутилган.

Корё университети профессори Цой Чже Ук Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси, ушбу ассоциациянинг коронавирусга қарши курашиш бўйича штаби етакчи маслаҳатчисидир.

31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1 тага ошиб, 150 нафарни ташкил этмоқда.