Туркиядан олиб келинган олма кўчатлари ёқиб ташланди. Кўчатлар сақланган ҳудуд карантинга олинди

Туркиядан импорт қилинган 23 200 дона олма кўчатида «Бўртма нематода» зарарли организми мавжудлиги аниқланган.

Туркиядан Ўзбекистонга олиб келинган 23 минг тупдан кўпроқ зарарли олма кўчати ёқиб юборилди. Бу ҳақда «Ўздавкарантин» ахборот хизмати 30 март куни хабар берди.

Хабарда айтилишича, Бухоро вилоятининг «Бухоро 2 ТИФ» Ўсимликлар карантини чегара масканида Туркиядан импорт қилинган 23 200 дона олма кўчатида «Бўртма нематода» зарарли организми мавжудлиги аниқланган.

“Таъкидланишича, ушбу илдиз бўртма нематода помидор, бодринг, сабзи, пиёз, ғўза экинлари, гилос, ўрик ва бошқа турдаги мевали дарахтларни кучли зарарлайди. Личинкаларининг ривожланиши натижасида ўсимлик бутунлай нобуд бўлади”, дейилади расмий маълумотда.

«Ўздавкарантин» инспекциясининг тақдимномасига мувофиқ, олма кўчатлари келтирилган ҳудудда карантин ҳолати эълон қилинди.

Бухоро вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг махсус полигонида тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида олма кўчатлари ёқиш йўли билан йўқ қилинди.