Адлия вазири машиналарга махсус стикер олиш пайтида карантин қоидалари бузилганини тан олди

Автотранспорт воситалари назорати, 29 март, 2020

31 март куни АОКА ҳузуридаги штабда Адлия вазири Русланбек Давлетов иштирокида онлайн брифинг ўтказилди.

30 мартдан 20 апрелгача вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши белгиланди.

Брифингда махсус рухсатномалар бериш тартиби ва бу жараëннинг бориши ҳақида маълумот берилди.

Вазирга кўра, Давлат хизматлари марказлари орқали ҳозиргача 27 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинган.

Тошкент шаҳрида 4500 дан ортиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат хизматлари марказларига эса 3200 га яқин фуқаро мурожаат қилган.

"Бу ҳол карантин талабларининг бузилишига, кўплаб фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида бир жойда тўпланишига сабаб бўлди".

"... бугунги шароитда республикада коронавирусни тарқалиб кетишини олдини олишга қаратилган жуда кескин чора, бундай чорани бугунги кундаги шароит тақозо этмоқда. Албатта ноқулайлик туғдиради, лекин бу энг мақбул ва самарали йўлдир. Шунинг учун барчамиз янги талабларга мослашишимиз зарур, ишлаб чиқарувчилар ҳам, тадбиркорлар ҳам", деди вазир.

Шахсий автомобиллардан фойдаланишни кескин чеклаш ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда.