Коронавирусга чалинганлар сони яна бир нафарга кўпайди

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 850 мингга етди.

Ўзбекистонда 1 апрель соат 10даги ҳолатга кўра, коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 1 тага ошиб, 173 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

31 март куни кечқурун коронавирусга чалинганлар сони бир кунда 22 нафарга кўпайиб, 172 кишига етган эди.

31 март куни Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифинг чоғида беморларнинг вилоятлар кесимидаги кўрсаткични 30 мартгача бўлган маълумотлар асосида маълум қилганди.

Унга кўра, Тошкент шаҳрида 87 та, Фарғона вилоятида 25 та, Наманган вилоятида 10 та, Андижон ва Бухоро вилоятларида 8 тадан, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида 1 тадан бемор коронавирус касаллиги билан даволанмоқда.

Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 8 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.