Қўқонда “коронавирус ҳақида ёлғон маълумот” тарқатган депутатга жиноят иши қўзғатилди

Депутат Telegram орқали ёлғон тарқатганликда гумонланмоқда.

Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутати Х.Н.,га нисбатан шаҳар прокуратураси 31 март куни жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати 1 апрель куни маълум қилди.

Депутат Жиноят Кодексининг 244-5-моддаси (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан айбланмоқда.

Расмий маълумотда айтилишича, Х.Н., 2020 йил 28 март куни “Республика Махсус комиссиясининг карантин қоидаларини қўпол равишда бузиб, “Telegram” ижтимоий тармоғида очилган гуруҳлар аъзоларига Қўқон шаҳрида 2 нафар шахсда “Коронавирус” касаллиги аниқланганлиги ва улар карантинга олинганлиги ҳақида жонли тарзда аудио ёзуви орқали ҳақиқатга тўғри келмайдиган уйдирма ва ёлғон маълумотларни тарқатган”.

Айни пайтда шаҳар депутатига нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда.