Палов индекси: Март ойида энг арзон палов Наманганда, қиммати Самарқандда бўлди

Давлат статистика қўмитаси жорий йилнинг январидан палов индексини шакллантира бошлади.

Давлат статистика қўмитаси март ойида республиканинг турли минтақалари кесимида паловнинг ўртача нархларни эълон қилди.

Маълумотда айтилишича, энг арзон палов Наманган вилоятида бўлган. Бу ерда паловнинг бир порцияси 11 571 сўм, бир килоси 80 997 сўм бўлган.

Энг қиммат палов Самарқандда бўлиб, бир порцияси 16 667 сўм, бир килоси 116 669 сўмдан сотилган.

Февраль ойида ҳам Самарқанд палов қимматлиги бўйича биринчи ўринда бўлган. Февралда энг арзон палов Сурхондарёда қайд этилган эди.

Бошқа вилоятларда паловнинг бир порцияси 11 800 сўмдан 16 минг сўмгача, килоси 85 169 сўмдан 112 минг сўмгача сотилган. Тошкентда паловнинг порцияси 16 минг, килоси 112 минг сўм бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизмати 10 январда “Палов индекси” маълумотларини шакллантирилиш жорий этилаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Ҳар бир ҳудуд (мамлакат)нинг ўзига хос “хусусиятлари”ни инобатга олиб, Европанинг аксарият мамлакатларида “Big-Mak индекси”, Россия Федерациясида “Оливье индекси” маълумотлари шакллантирилади. Ўзбекистонда энг оммавий таом – “Палов индекси” маълумотларини шакллантириш бошланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан мамлакатнинг барча ҳудудий марказларида жойлашган йирик умумий овқатланиш муассасалари (жумладан, “Ош марказлари”)даги 1 кг палов учун сарфланадиган масаллиқлар рўйхати, шунингдек, уларнинг нархлари (қиймати) тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилиб борилмоқда.