ТИВ: АҚШ Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун 848 минг доллар берадиган бўлди

Расмий хабарда айтилишича, бу борадаги музокаралар 31 март куни бўлган.

АҚШ Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун 848 минг доллар беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 3 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Хабарда айтилиишча, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов 31 март куни Давлат департаменти вакиллари билан коронавирусга қарши курашда Ўзбекистонга моддий-техник ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилган.

АҚШ Давлат департаменти расмийлари берган маълумотга қараганда, АҚШ Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши курашдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда 848 минг доллар ажратиб беришни режалаштирмоқда.

“Бу маблағ АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг COVID-19га қарши кураш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига берадиган навбатдаги транши ҳисобланади”, дейилади расмий хабарда.

Молиялаштириш кенг миқёсли тестдан ўтказиш учун лабораторияларни жиҳозлаш, Covid-19 устидан эпидемологик назоратни яхшилаш, инфекцияни профлактика қилиш ва тарқалишини назорат қилишни таъминлашда тиббиёт муассасаларининг салоҳиятини ошириш, тезкор ёрдам кўрсатиш тизими, зарарланган ҳолатларни аниқлаш ва даволаш, шунингдек, вирус ҳақидаги дезинформацияга қарши туришга йўналтирилади.