Бухорода хориждан қайтганлар ҳисобига бир кунда беморлар сони кескин кўпайди

Жанубий Кореядан Бухорога қайтганлар орасида 66 бемор аниқланган.

Бухорога хориждан қайтган ватандошлар орасида коронавирусга чалинганлар аниқлангани ортидан мазкур вилоятда беморлар сони кескин кўпайди. Бу ҳақда 8 апрель куни АОКАда ўтган брифингда Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.

Бухоро вилоятида 6 апрель ҳолатига қараганда 19 нафар бемор бўлган. 7 апрелда эса вилоятда беморлар сони 84 нафарга етган.

Нурмат Отабековга кўра, Бухорога учта давлатдан чартер рейслар орқали ватандошлар олиб келинган. Жанубий Кореядан олиб келинган 239 киши Бухорога учишдан олдин Истанбул аэропортида 8 соат ҳимоя воситаларисиз қолиб кетган.

“Ўзбекистонга келганларидан сўнг текширувлар натижасида уларнинг 66 нафарида касаллик аниқланган. Бундан ташқари, Бухоро вилоятига Россия Федерациясидан ҳам 2та рейсда 530 нафар фуқаро олиб келинган. Улар орасида ҳам коронавирусга чалинганлар бор. Улар 2 кундан 5 кунгача ҳеч қанақа ҳимоя воситаларисиз битта жойда яшашган. Улар эпидемиологик нохуш ҳудудда бўлганлари ҳолда ўзларини ҳимоя қилишмаган", - деди Нурмат Отабеков.

Бош санитраия инспектори Бухорода айни пайтда ҳам вирус юққанларни аниқлаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.