ТИВ: 10 апрелгача Ўзбекистонга қайтмаганларни фуқароликдан маҳрум қилиниши тўғрисидаги хабар ёлғон

Ташқи ишлар вазирлиги 8 апрель куни хорижда яшаётган ўзбекистонликларни ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон Президенти 31 март куни йиғилиш ўтказгани ва барча фуқароларни 10 апрелга қадар ватанга қайтариш тўғрисида фармон имзолагани, ватанга қайтишни истамаганлар Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиниши” ҳақида тарқалган хабарларга ишонмасликка чақирди.

Вазирликнинг билдиришича, бу хабарга ишониб олган хориждаги ўзбекистонликлар Ташқи ишлар вазирлигига, чет элдаги, айниқса қўшни мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарга кўплаб мурожаатларни йўллаганлар.

“Ушбу хабарлар ҳеч бир расмий манбаларда эълон қилинмагани сабабли ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз”,- дейилади баёнотда.