Вазир ўринбосари Россиядаги муҳожирлар муаммолари ижобий ҳал қилинганини айтди

Карантин пайтида Россиядаги минглаб муҳожир уйига қайта олмай қолди.

«Ўзбекистон 24» телеканалида 8 март куни чиқиш қилган Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар карантин даврида рўйхатда туриш муддатини узайтириш масаласида муаммога дуч келмасликларини билдирди.

«Россияда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба бор. Уларнинг ётоқхонадан чиқмай яшаш масаласи ҳал қилинди. Фуқароларимизнинг кўпчилиги Россия ва Қозоғистонда иш фаолиятини олиб боради. Уларни рўйхатга олиш масаласида жаримага солмаслик ва рўйхатни узайтириш масалалари ҳам элчихоналаримиз томонидан ҳал қилинди. Давлат расмийлари билан гаплашиб, ижобий ҳал қилинди», деб иқтибос келтирди Неъматовнинг сўзларидан Kun.uz.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари, шунингдек, 30 мартгача хориждан олиб келинган ўзбекистонликлар ҳақида ҳам маълумот берди. Унга кўра, хориж мамлакатларидан 15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик олиб келинди. Жумладан, Хитойдан 3,5 минг нафар, Россиядан 3 минг 128 нафар, Қозоғистондан 7 минг 59 нафар, Туркиядан мингдан ортиқ, Дубайдан 500 одам олиб келинган.