Бош санитар инспектор: Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси йўқ

Бош санитар инспекторнинг айтишича, 555 беморнинг аниқлангани Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси мавжудлигига асос бўла олмайди.

Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси йўқ. Бу ҳақда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - АОКАда 9 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Бош санитар инспектор Нурмат Отабеков маълум қилди.

У “Ўзбекистонда қайд этилган беморлар сони эпидемияни эълон қилишга асос бўла оладими?” деган саволга жавоб берар экан:

“Йўқ. Ҳозирда Ўзбекистонда эпидемиологик вазият ҲИСОБЛАНМАЙДИ, 34 миллион аҳолига 555 ҳолат аниқланган ҳолос”, - деб билдирди.

Бош санитар инспекторга кўра, Ўзбекистонда карантин эълон қилинганига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус бўйича пандемия эълон қилгани сабаб бўлган.