Адлия вазирлиги: Коронавирусга чалинган шахсни ҳақорат қилганлар жазоланади

Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони 865га етди.

Адлия вазирлиги коронавирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсни ҳақорат қилган, шаъни ва қадр-қимматига путр етказган, камситган, унинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тарқатганлар 9 миллион сўмгача жаримага тортилишини эслатди.

Вазирликнинг билдиришича, Конституцияда ҳеч ким инсон қадр-қимматини камситувчи тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги қайд этилганини ҳисобга олган ҳолда бу борадаги жавобгарлик Маъмурий кодексда назарда тутилган.

“Агар, маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ушбу қилмиш такроран содир этилса, айбдорга 22,3 миллион сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазо қўлланилиши мумкин”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, фуқаронинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда ошкор қилиш оғир оқибатларга олиб келса, айбдор 44,6 миллион сўм жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.