Хоразм вилоятида Тупроққаъла тумани ташкил этилди

Хоразм кўчаларидан бири.

Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа тумани ҳокимлиги ташкил этилди. Адлия вазирлигининг 13 апрель куни хабар беришича, президент бу борадаги “Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни 11 апрелда имзолаган.

Бундан ташқари, қарорда 2020 йил 1 сентябрга қадар туман марказининг 2035 йилгача бўлган бош режаси ишлаб чиқилиши ҳам белгиланган.

Шунингдек, туманнинг бутун ҳудуди учун “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида белгиланган имтиёз ва преференциялар амал қилиши белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 12—13 март кунлари Хоразм вилоятига борганида Хозарасп туманини иккига ажратиш негизида Тупроққалъа туманини ташкил этиш тўғрисида кўрсатма берган эди.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, янги туман таркибига Питнак шаҳри ҳудудидаги «А.Ибрагимов», «Муҳаббат», «Навбаҳор», «Ёшлик», «Шарлауқ» «Охунбобоев», «Обод», «Саяпир», «Шехлар», «Пастом» ва «Саидлар» ҳамда Тупроққалъа маскани ҳудудидаги «Саримой», «Нукус», «Ҳазорасп» ва «Тупроққалъа» маҳаллалари киритилади. Питнак шаҳри эса Тупроққалъа туманининг маъмурий маркази этиб белгиланди.