Президент бюджетни коронавирус эпидемияси шароитига мослаштирди

Қарорга асосан долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатлар кейинги даврларга кўчирилади.

Президент 15 апрелда “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида​”ги қарорни имзолади.

Қарорга асосан долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатлар кейинги даврларга кўчирилади. устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлиги инобатга олинган ҳолда айрим давлат дастурларига сарфланадиган маблағлар қисқартирилади.

Бюджетнинг устувор йўналиши сифатида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш, муҳим ижтимоий харажатларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш, давлат ички ва ташқи мажбуриятларининг, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш белгилаб берилди.

Бундан ташқари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли даражадаги бюджет тушумларини, шунингдек, республика бюджетидан ажратилаётган трансферларни, акциз солиғи бўйича ўтказмаларни, бюджет ссудаларини ҳамда бошқа маблағларни биринчи навбатда қуйидаги соҳаларга йўналтириш белгиланди:

-коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларга, жумладан, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни жиҳозлашга;

-иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга;

-озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларни қоплашга;

-Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарорига асосан бошқа тадбирлар ва харажатларга.