Президент ҳузурида 50 кишилик Жамоатчилик палатаси тузилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни преидент ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этишга оид фармонни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлади. Улардан 18 нафари президент томонидан тайинланади, 18 нафари маҳаллий ноҳукумат ташкилотлари вакиллари орасидан танлаб олинади, 14 нафари эса ҳудудий жамоатчилик палаталари вакилларидан иборат бўлади.

Аъзоларнинг ваколат муддати 3 йил қилиб белгиланган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур фармон билан президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолияти тугатилади.

“Mening fikrim” веб-портали Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилади.

Жамоатчилик палатаси вазифаларига қуйидагилар киради:

  • Фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузалар тайёрлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифлар бериш;
  • Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш;
  • Давлат органларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш бериш талабини юбориш.

Жамоатчилик палатаси раиси мақомига кўра вазирга, унинг 3 та ўринбосари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.