Тошкентда ички ишлар ходимлари туғруқдаги аёлга доялик қилишди

Сафдорлар С. Мурадов ва Б. Тошпулатов туғруқдаги аёлга доялик қилишди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг патрул пост хизмати 4-отрядининг икки нафар ходими 22 апрель куни ярим тунда тўлғоқ тутиб қолган аёлга доялик қилишди.

Тошкент ИИББ матбуот хизматининг хабар қилишича, сафдорлар С. Мурадов ва Б. Тошпулатов тунги соат иккида Учтепа тумани Истироҳат кўчасини патруллаш пайтида икки нафар аёлни кўрганлар. Аёллардан бири тўлғоқда бўлган. Иккинчи аёл эса қайнона экани аниқланган.

Ички ишлар ходимлари тўлғоқдаги аёлни ўз автомашиналарида 3-сон шаҳар болалар клиник шифохонасигача етказиб қўйишга ҳаракат қилганлар. Лекин шифохонага етмай туриб, аёлнинг патрул машинаси ичида кўзи ёриган.

Ички ишлар ходимлари биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш малакасига эга бўлганлари учун аёлга доялик қилганлар.

Чақалоқ туғилиб, киндиги кесилганидан сўнг, она-бола шифохонага етказилган.

“Тиббиёт ходимлари она ва унинг гўдак ўғлининг ҳолини ўрганиб, ходимларга уларнинг ҳолати қониқарли эканини, боланинг вазни – 3100 гр. эканини айтиб, ходимларни тўғри иш тутганлари учун мақтаб қўйишди”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.