ИИББ Тошкентда карантин даврида жиноятлар сони кескин камайганини иддао қилди

Карантин жорий этилганидан буён Ўзбекистон пойтахтида жиноятлар сони сезиларли камайди. Буни иддао қилган Тошкент шаҳар ИИББ матбуот маркази маълумотига кўра, бунга “шаҳарнинг ҳар бир маҳалласида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили борлиги, шунингдек ўзини яккалаш тартибига риоя қилаётган ҳамюртларнинг мулоҳаза билан иш тутишлари” сабаб бўлган.

Хабарномада 2019 йил апрель ойида 522 та жиноят қайд этилган бўлса, жорий йил апрель ойининг 20 куни давомида қайд этилган жиноятлар сони 196 тани ташкил этгани урғуланади.

Шунингдек, оғир жиноятларнинг (ўтган йили апрель ойида 111 та, жорий йил апрель ойининг 20 куни давомида 37 та) ҳам, ўта оғир (2019 йил апрель ойида 30 та, жорий йил апрель ойида 4 та) жиноятларнинг ҳам сони камаймоқда.

“Айниқса фирибгарлик (2019 йил апрель ойида – 93 та, жорий йил апрель ойининг 20 кунида – 44 та), оғир тан шикастлари (2019 йил апрель – 6 та, 2020 йил апрель ойининг 20 куни давомида – 4 та) ва енгил даражадаги тан шикастлар етказиш (2019 йил апрель – 13 та, 2020 йил апрель ойининг 20 куни давомида – 5 та), наркотик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятлар (2019 йил апрель – 49 та, 2020 йил апрель ойининг 20 куни давомида – 13 та) каби жиноятлар сони сезиларли даражада камайди”, дейилади хабарномада.

Тартиб посбонларига кўра, ўтган уч ҳафта ичида инсон ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисалари сони 3 баробар, талончилик 2 баробар камайган. Транспорт воситалари ўғирлиги умуман қайд этилмаган, бирорта ҳам босқинчилик факти содир бўлмаган.