Соғлиқни сақлаш вазири коронавирусга чалинганларнинг ҳар бири учун миллионлаб сўм маблағ сарфланаётганини билдирди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалиниб даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бир бемор учун давлат 32 миллион сўмдан маблағ сарф қиляпти. Оғир аҳволдаги, жонлантириш бўлимида ётган ҳар бир беморга ўртача 64 миллион сўмдан маблағ сарфланмоқда. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Халқаро пресс-клубнинг 23 апрель куни ўтказилган сессиясида билдирди.

ССВ раҳбарига кўра, карантинда бўлиб турган фуқароларнинг ҳар бири учун 14 кунлик карантинда даври учун 2,4 миллион сўмдан, коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир бемор тикланиши учун 2,8 миллион сўмдан сарфланяпти.

Вазирнинг айтишича, коронавирусдан даволаш мақсадида шу кунда 16 минг ўрин ҳозирланиб, 20 минг бемор учун дори-дармон воситалари захираси яратиб қўйилган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 1716 та ҳолат қайд этилган. 454 киши соғайиб кетган.