Жорий йил учун фидя ва фитр садақаси миқдори эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 2020 йилги фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарор қабул қилди.

ЎМИ сайтида ёйинланган маълумотга кўра, 2020 йил (1441 ҳ.) учун фитр садақаси миқдори 8 минг сўмдан 120 минг сўмгача (2 кг буғдой ёки 4 кг арпа ёхуд 2 кг майиз ва ё 4 кг хурмонинг бугунги кундаги нархидан келиб чиққан ҳолда) белгиланган. Бунда ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя экани айтилган.

Диний идора фитр садақасининг қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгилангани, шу важдан ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб, фитр садақасини белгилашини қўшимча қилган.

Бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлган фидя миқдори эса бу йил ўртача 20 минг сўм, деб белгиланган.

Фидя рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган кексалар ва сурункали касал бўлиб, тузалишига умид бўлмаган беморлар томонидан берилади.