Коронавирус оқибатларини бартараф этиш учун 1,6 миллиард доллар қарз олинади

Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, Жаҳон банкидан 750 миллион доллар олиниши кутилмоқда.

Молия вазирлиги ҳузурида коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатишга қаратилган Инқирозга қарши жамғармани молиялаштириш учун Ўзбекистон 2020 йилда халқаро молия ташкилотларидан 1 миллиард 625 миллион доллар қарз олади. Бу ҳақда 23 апрелда бўлган брифингда Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Қўчқоровнинг айтишича, ҳукумат Халқаро валюта жамғармаси билан 375 миллион берилишига келишиб олган. Бундан ташқари Жаҳон банкидан 750 миллион, Осиё банкидан 500 миллион доллар олиниши кутилмоқда.

Қўчқоровга кўра, бу пуллар ҳали Ўзбекистонга етиб келмаган. Аввалроқ молия вазири Тимур Ишметов кредитлар апрель ойининг охирларидан бошлаб, тўрт ой давомида келиб тушишини маълум қилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни ўтган видеоселекторда коронавирус оқибатларини бартараф этиш учун Инқирозга қарши жамғарма тузилишини билдирган эди. Бу жамғармага давлат бюджетидан 10 триллион сўм ажратилиши айтилган.

Жамшид Қўчқоровнинг 23 апрелда билдиришича, шу кунгача Инқирозга қарши кураш жамғармасига давлат бюджети, ҳомийлик маблағлари, халқаро молия институтлари грантлари ва кредитлари ҳисобидан 3,5 триллион сўм тушган.