Президент Мирзиёев махсус топшириқ берганидан сўнг Навоий вилоятида ҳарбийлар коронавирусга қарши кенг миқёсли дезинфекция ишларини бошлади. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати 26 апрелда хабар берди.
“Мазкур тадбир Мудофаа вазирлиги ва округ қўмондонлиги раҳбарлигида ҳар куни соат 07:00 дан бошланиб, унга вилоят ва туманларда параллель равишда 200 га яқин махсус техникалар жалб қилинмоқда”, дейилади хабарда.
Расмий маълумотда айтилишича, дезинфекция ишларига Навоий вилояти мудофаа ишлар бошқамаси ва туман бўлимлари кўмагида 600 га яқин кўнгилли жалб қилинган. Махсус жиҳозланган блокпостлар ва карантинга олинган объектлар кунига икки марта дезинфекция қилинмоқда.
Мудофаа вазирлиги эса расмий сайтида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз гарнизони ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ҳам дезинфекция ишларига жалб қилингани ҳақида хабар берди.