Қонун лойиҳаси: Давлат тилида иш юритмаганларни жаримага тортиш режалаштирилмоқда

Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги қонун 1989 йилда қабул қилинган эди.

Адлия вазирлиги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Маъмурий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 25 апрелда жойлаштирилган лойиҳада давлат тилида иш юритишни таъминламаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш белгиланган. Қонун лойиҳаси 10 майгача муҳокамада бўлади.

“Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дейилади лойиҳада.

Конституциянинг 4-моддасида Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили экани белгиланган. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 9-моддасида эса давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилиши ва зарур бўлган ҳолларда бошқа тилларга таржима қилиниши қайд этилган.

Бироқ қонунчиликда бу тартибга амал қилмаганларни жавобгарликка тортиш масаласи белгиланмаганди.