Ўзбекистонда одамлар асосан қон айланиш тизими касалликларидан вафот этмоқда

Ҳар минг кишига нисбатан ўлим коэффициенти 4,4 промиллени ташкил этди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда 37,5 минг киши вафот этди. Ҳар минг кишига нисбатан ўлим коэффициенти 4,4 промиллени ташкил этди. Бу эса 2019 йилнинг биринчи чорагига солиштирганда 0,1 промиллега оздир. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида қайд этилди.

Ҳисоботда айтилишича, ўлимларнинг 62,4 фоизи қон айланиш тизими касалликлари оқибатида юз берган. Ўсимталар 9,3 фоиз, нафас олиш аъзолари касалликлари 5,5 фоиз, овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари 4,8 фоиз, бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлар 4,3 фоиз, юқумли ва паразитар касалликлар 1,4 фоиз ва бошқа касалликлар 12,3 фоиз ўлимга сабаб бўлган.

Рўйхатга олинган 1 ёшгача вафот этган болалар сони 2,1 минг нафарни ташкил этиб, уларнинг 51,1 фоизи - перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 23,9 фоизи - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 13,2 фоизи - туғма аномалиялардан, 4,0 фоизи - юқумли ва паразитар касалликлардан, 2,5 фоизи - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 0,5 фоизи - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан ва 4,8 фоизи - бошқа касалликлардан вафот этган.