БП: илк чоракда 115 мансабдор жавобгарликка тортилди

Жорий йилнинг январь-март ойлари давомида Ўзбекистон бўйлаб жами 87 та жиноят иши бўйича 115 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

БПга кўра, жинояти фош қилинган мансабдор шахслардан 4 нафари вилоят ва 111 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.

Уларнинг 50 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, 21 нафари пора олиш (бериш) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш, 7 нафари фирибгарлик, 6 нафари мансаб сохтакорлиги, 3 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 1 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ва 27 нафари бошқа жиноятларни содир этишган.

Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 51,3 миллиард сўм (5 миллион АҚШ долларидан кўпроқ) миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 18,3 миллиард сўми (1,8 миллион АҚШ долларидан кўпроқ) ундирилган.