Жорий йил 30 апрелидан Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган барча юк автотранспорт воситалари чегара ўтказиш пунктларига энг яқин жойларда ташкил этилган махсус автотураргоҳларга йўналтирилади ва ўша ерда ҳайдовчиларидан коронавирус инфекциясига тест олинади.
Бу ҳақда маълум қилган Транспорт вазирлиги ахборот хизматига кўра, тест натижалари эълон қилингунга қадар автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчилари махсус автотураргоҳларда бўладилар.
Тест натижалари бўйича коронавирус инфекцияси аниқланмаган тақдирда ҳаракатни тасдиқланган йўналиш чизмаси асосида давом эттиришга рухсат берилади.
Бу ҳолда халқаро ташувларни амалга ошираётган ҳайдовчилар фақатгина махсус комбинезон, бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплардан фойдаланган тақдирдагина ҳаракатни давом эттириши мумкин.
Тест натижалари бўйича коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолларда ҳайдовчи ўрнатилган тартибда даволаш муассасасига олиб кетилади, агар иккинчи ҳайдовчи бўлса, у ҳайдовчи стационар карантинга жойлаштирилади.
“Автотранспорт воситаси тўлиқ дезинфекциядан ўтказилгандан сўнг, бошқа (юк жўнатувчи ёки қабул қилувчининг мазкур ташувга алоқаси бўлмаган) ҳайдовчи томонидан ҳаракатланиши давом эттирилиши ёки автотранспорт воситасидаги юклар бошқа транспорт воситасига божхона назорати остида қайта юкланиб олиб кетилиши мумкин”, дейилади хабарномада.
Автотранспорт воситаси бошқа ҳайдовчи томонидан ҳаракатланиши давом эттирилганда қонунчиликда белгиланган тартибда божхона назоратидаги товарларни етказиб бериш билан боғлиқ мажбуриятлар автотранспорт воситасини қабул қилган ҳайдовчига юкланади.
Халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар республика ҳудудида тақдим этилган йўналиш чизмасига мувофиқ ҳаракатланишни амалга ошириши лозим. Республика ички ҳудудида халқаро юк ташувларини амалга ошираётган миллий ва хорижий ташувчиларнинг белгиланган йўналиш чизмаси доирасида ҳаракатланиши ва тўхтаб туришлари устидан тегишли вазирлик ва давлат идоралари томонидан назорат ўрнатилади.
Халқаро юк ташувчи миллий ҳайдовчилар белгиланган йўналиш доирасида юкни манзилига етказиб берганидан сўнг ўрнатилган тартибда 14 кунга ўзини изоляция қилиш чорасини кўриши шарт.
Бунда, Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, экспортга мўлжалланган юкни ташиш талаби вужудга келган тақдирда, истисно тариқасида тест натижаларига мувофиқ халқаро ташувни амалга оширилишига рухсат берилади.
Халқаро юк ташувчи хорижий ҳайдовчилар Ўзбекистон ҳудудида импорт юкларни белгиланган манзилга етказиб берганидан сўнг, 10 кун муддат ичида республика ҳудудида белгиланган давлат чегара постлари орқали чиқиб кетишлари шарт.
Транспорт вазирлиги, республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, бундан буён юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати алоҳида белгиланган Давлат чегара ўтказиш пунктлари орқалигина амалга оширилишини қайд этган.
Қарорга мувофиқ, алоҳида топшириқ бўлгунга қадар юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати фақат қуйидаги Давлат чегара ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилиши белгиланган:
- Афғонистон Ислом Республикаси билан – “Термиз”;
- Туркманистон Республикаси билан – “Олот”;
- Тожикистон Республикаси билан – “Саросиё”, “Ойбек” ва “Плотина”;
- Қирғизистон Республикаси билан – “Дўстлик”, “Ўзбекистон”, “Водил”, “Чашма” ва “Оқ қия”;
- Қозоғистон Республикаси билан – “Даут-ата”, “Гулистон”, “Яллама”, “Зангиота” ва “Тошкент”.