Фарғонада жамоат саломатлиги ва профилактик тиббиёт институти ташкил этилади

Иллюстратив сурат.

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали негизида Фарғона жамоат саломатлиги ва профилактик тиббиёт институтини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган “Жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология осойишталиги хизматлари соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасида қайд этилган.

Ҳужжатда Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонаси негизида Фарғона жамоат саломатлиги ва профилактик тиббиёт институти клиникасини ташкил этиш ҳамда Фарғона вилояти кўп тармоқли катталар ва болалар тиббиёт марказлари, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари, ОИТСга қарши вилоят маркази, оилавий поликлиникалар таркибидаги саломатлик марказларини мазкур институтнинг амалиёт базалари этиб белгилаш назарда тутилган.

Институт фаолиятининг асосий вазифаларидан бири жамоат саломатлиги ва профилактик тиббиёт, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, санитария-эпидемиологик осойишталик, инсон соғлиғини муҳофаза қилиш соҳалари учун юқори малакали кадрларни миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлаш ҳисобланади.

Қарор лойиҳаси шу йил 13 майига қадар муҳокамада бўлиши кутилмоқда.