Нурободдаги икки маҳаллани сел босди, жабрланганлар йўқлиги айтилди

Аввалроқ Сардобадаги сув тошқини аҳолига катта зарар етказган эди.

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги “Гирдиқўрғон” ва “Дўстлик” маҳаллаларида 4 май куни кучли жала оқибатида сел келди.

“Дарё” нашрининг хабар беришича, соат тахминан 15:00 да бошланган сел оқибатида Самарқанд—Қарши йўлининг 52-километрини сув босди. Сел натижасида “Гирдиқўрғон” маҳалласидаги Жом ота қабристонининг 50 квадрат метри ҳам сув остида қолган.

Хабарда айтилишича, сел натижасида ҳеч ким жабрланмаган, турар-жой биноларига етказилган зарар ҳақида ҳам маълумот йўқ.

“Туман Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, туман прокурори ва туман ИИБ бошлиғи ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлигида автомагистрал йўлининг асфальт қопламасидаги лойқа чўкиндилар ва қувурлар махсус транспорт воситалари ёрдамида тозаланиб, хавф бартараф этилди”, дейилади хабарда.