Президент энергия сарфини 2-2,5 баробарга қисқартириш юзасидан кўрсатма берди

Энергиянинг 40 фоизи биноларни иситиш ва ёритишга сарфланади. Президент расмий сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистонда минг долларлик ялпи ички маҳсулот яратиш учун ривожланган давлатларга нисбатан 2-3 баробар кўп энергия сарфланади. Нефть маҳсулотларига йиллик талабнинг 44 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 май куни ёқилғи-энергетика тармоғида самарадорликни ошириш, энергия сарфини оптималлаштириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда бу ҳолатни танқид қилди.

Йиғилишда яқин йилларда энергия сарфини 2-2,5 баробарга қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент қишлоқ хўжалиги техникаси ва юк автомобилларини газга мослашган ҳолда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

“Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган энергиянинг 40 фоизи биноларни иситиш ва ёритишга сарфланади. Бу жараёнда исрофгарчилик ҳам кўп. Масалан, 1 квадрат метр майдонни иситиш учун юртимизда ўртача 400 киловатт-соат, иқлим шароити бизга яқин ривожланган давлатларда эса 170 киловатт-соат энергия ишлатилади”, дейилади расмий хабарда.

Йиғилишда кўп қаватли уйларни лойиҳалаш ва қуришда энергия тежовчи технологияларни кенг қўллаш, ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини оширишга хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.