Туман ва шаҳарлар "қизил, сариқ ва яшил" ҳудудларга ажратилади

Шавкат Мирзиёев тез орада ҳудудларнинг карантин даражасини аниқлаш бўйича топшириқ берди.

Карантин якунлангунига қадар бундан буён барча туман ва шаҳарлар қизил, сариқ ва яшил ҳудудларга ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни ўтган йиғилишда маълум қилди.

“Энди туман, шаҳарлар “қизил” – юқори хавф, “сариқ” – ўрта хавф ва “яшил”, яъни хавфсиз ҳудудларга ажратилади. Эълон ёзиб қўямиз, “Бу ҳудуд қизил” деб. Бутун эл билсин. Масалан, “яшил” мақомини олган ҳудуд ўзгарса ўша жойлардаги масъуллар қонун олдида жавоб беради”, деб айтган президент.

Йиғилишда корхоналарда, айниқса савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида санитария қоидаларига амал қилиниши бўйича таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилиши ҳам белгиланди.

Шавкат Мирзиёев тез орада ҳудудларнинг карантин даражасини аниқлаш бўйича топшириқ берди. Жойларда вазият ўзгаришига қараб, карантин даражаси ҳам ўзгариб боради.

“Карантиндаги аҳолининг 83 фоизи ўз уйига қайтди. Яъни, ижобий динамика кучайиб бормоқда. Шифохоналарда қолаётган 740 нафар беморни даволаш, саломатлигини тиклаб, оиласи бағрига қайтариш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда”, деб таъкидлади президент.