Бухоро вилоятидаги довул пайтида 38 мингдан кўпроқ аҳоли уй-жойига зарар етган

Бухорода шамол том қисмини учириб кетган намунавий типдаги уйлар, 28 апрель, 2020

Бухоро вилоятида 28 апрелга ўтар кечаси юз берган довул оқибатида 38 мингдан зиёд аҳоли уй-жойи, 847 та ижтимоий соҳа объектлари ва экин майдонларига зарар етди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни ўтган йиғилишда маълум қилди.

Президентга кўра, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва инфратузилма соҳаларига ҳам жиддий талафот етди.

“Биз табиий офат оқибатларини бартараф қилиш бўйича барча зарур чораларни кўряпмиз. Ҳукумат комиссияси туну кун ишламоқда. Бугунгача 70 фоиз ижтимоий объектлар, 20 фоиз аҳоли хонадонларининг томи ёпилди. Шунингдек, 5 минг километр электр тармоқлари, 1 минг 100 та трансформатор таъмирланиб, 286 минг аҳолининг электр таъминоти тикланди. Якка тартибдаги уй-жойлар ҳам таъмирланмоқда”, деб билдирди президент.

28 апрелга ўтар кечаси 4 вилоятда кучли шамол ва бўрон бўлди, Бухорода 1 одам ўлди, камида 41 одам жароҳатланди.

Президент Мирзиёев ўша куниёқ табиий офатдан зарар кўрган туманларга борган эди.