Линклар

Шошилинч хабар
05 июл 2020, Тошкент вақти: 15:09

Довул-2: Беш вилоятда яна кучли ёмғир ва довул кутилмоқда. Сув босган ҳудудлар тозаланмоқда (ВИДЕО)


Самарқандда ФВВ сув босган йўлларни тозаламоқда, 29 апрель, 2020

2 - 3 май кунлари республика жануби ғарбидаги 5 вилоятда кучли ёмғир ва шамол, баъзи ҳудудларда довул кутилмоқда. Шамол тезлиги 100 км/соатдан ошиши прогноз қилинди.

27 дан 28 апрелга ўтар кечаси 4 вилоятда кучли шамол ва бўрон бўлди, Бухорода 1 одам ўлди, камида 41 одам жароҳатланди.

Бухорода 5200 дан ошиқ бинога (4800таси аҳоли уйи) зарар етди. Президент Олот ва Қоракўлни янгилашни ваъда қилди.

Сув хўжалиги вазирлиги икки туманда сув тошиши ҳақидаги овозаларни инкор қилди, Амударё тошиши эҳтимоли йўқ, деб маълум қилди.

Бухорода нобуд бўлган бир кишининг узилиб тушган электр симига ўралашиб қолгани айтилди.

“Ўзгидромет” кучли шамол, ёмғир ва селдан огоҳлантирди

“Ўзгидромет”нинг 30 апрелда маълум қилишича,1-2 май кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Каспий денгизининг жанубий районлари устида шаклланган нам ҳаво оқими кириб келади.

Бунинг оқибатида 1 ва 2 май кунлари Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида куннинг иккинчи ярмида ёмғир, айрим жойларга кучли ёмғир ёғиши кутилмоқда, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Республиканинг қолган ҳудудларида кечга бориб ёмғир, айрим жойларга кучли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ёғингарчилик бўлмайди.

Шамолнинг тезлиги 15-20 м/с.гача (50-70 км/соат) кучайиши, айрим жойларда шамол шиддати 23-28 м/с.гача (70-100 км/соат) етиши мумкин.

30 апрель-3 май кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи бор.

28 апрелга ўтар кечаси 4 вилоятда кучли шамол ва бўрон бўлган эди.

Бунинг натижасида Бухорода 1 одам ўлди, камида 41 одам жароҳатланди, 5200 дан ошиқ бинога зарар етди. Ўшанда шамол тезлиги 9-40 м/сек.ни (32-140 км/соатгача) ташкил қилгани билдирилган.

ФВВ аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга чақирди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ), Ўзгидромет хабаридан сўнг, кучли ёмғир ва довул кутилаётган минтақалардаги аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.

Расмий маълумотга кўра, аҳолига кучли шамол бошланиши билан уйдан чиқмаслик, дарахт ёки симёғоч каби қулаш эҳтимоли бўлган нарсалардан узоқ туриш, автомобилларни буларнинг остига қўймаслик ва зарурат туғилганда “1050” телефон рақамига мурожаат қилиш тавсия қилинмоқда.

Айрим вилоятлар, жумладан, ҳозирча кучли шамол прогноз қилинмаган Фағона вилоятида 29 апрелдан 30 апрелга ўтар кечаси ички ишлар ходимлари аҳолини овоз кучайтиргич орқали огоҳлантириб юргани айтилган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқади.

Самарқандда ФВВ сув босган уйлар ва кўчаларни тозаламоқда

29 апрель куни Самарқанд вилояти ҳудудида бир неча соат давомида кучли ёмғир ёғди.

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ходимлар сурункали ёмғир оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланнаётганини маълум қилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус техникалари ва шахсий таркиби ҳозирда туманнинг турли ҳудудларида фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишларига жалб этилган.

29 апрель кунги кучли ёмғирда Булунғур туманининг айрим массивларида кучли ёмғир натижасида уйларни сув босди. Бундан ташқари катта магистрал йўлларни ҳам сув босгани кузатилди.

Бекободда кучли ёмғирда Тожикистондан оқиб келадиган “Сардобсой” тошиб кетди

29 апрель оқшом соат тахминан 22:00 да ёғишни бошлаган кучли жала натижасида Бекобод туманидан оқиб ўтадиган сой тошиб кетди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар қилишича, бошланиши Тожикистонда бўлган бу сой туманнинг “Навбаҳор” ҳудуди, 1-бўлим, “Деҳқонобод” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтади.

Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ.

Бу ерда ҳам аҳоли хонадонларига зарар етгани айтилди, аммо қанча хонадонга зарар етгани ҳақида маълумот берилмади.

Ҳудудга Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда тегишли корхона ва ташкилотларнинг куч воситалари жалб қилинган.

ИИВ: Олот ва Қоракўлда ёлғон уйдирмаларни тарқатган шахслар аниқланди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси кучли шамолдан сўнг Амударё тошаркан, деган ваҳимани аҳоли орасида тарқатишда айбланган кишилар аниланганини маълум қилди.

Аммо, ахборот хизмати тарқатган видеода 3 шахс бу овозаларни одамлардан эшитиб, қўшниларига айтганини айтади.

Карантин даврида ниқоб тақиб юрган бу шахсларга халқдан кечирим сўраттирилган.

Зоир Мирзаев Қашқадарёдан ёрдам учун жўнатган қурувчилар Бухорога киритилмади

Қашқадарё вилоятидан Бухоро вилоятига кучли шамолда бузилган уйларни тиклашда ёрдам бериш учун йўлланган 200 қурувчи карантин постидан қайтарлди.

Қашқадарё ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилишича, икки икки вилоят ҳокимлари телефон орқали мулоқот қилиб, бир-бирига ёрдам еришга келишган.

Сўнгра Қашқадарё ҳокими Зойир Мирзаев Бухоро вилоятига 200 га яқин қурувчи-устани ўзи кузатиб қўйган. Аммо, усталар карантин постидан қайтарилган.

Бузилган уйлар орасида намунавий коттежлар хам кўп бўлди

27 апрель куни Бухоро вилоятига ёпирилган кучли шамол, ёмғир аралаш довулда зарар етган 5 мингга яқин аҳоли уйлари орасида намунавий коттежлар кўплиги маълум бўлди.

Президент матбуот хизмати тарқатган сурат ва видеоларда ҳам айрим коттежларнинг том қисми бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолганини кўриш мумкин:

Бухорода шамол том қисмини учириб кетган намунавий типдаги уйлар, 28 апрель, 2020
Бухорода шамол том қисмини учириб кетган намунавий типдаги уйлар, 28 апрель, 2020

Коттежларнинг шифер қопламаларига қўшилиб, том қисмидаги ингичка тахта қурилмалари ҳам учиб кетганини кўриш мумкин.

Ўзбекистонда бундай уйлар президент Шавкат Мирзиёевнинг "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори асосида қурилган.

Уй-жойларнинг янги намуналарини қуриш учун "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Ипотека банк" АТИБ, "Халқ банки" АТБ, "Асака банк" АТБ ва "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ банклари кредит ажратган.

Қарор билан ташкил қилинган "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ эса бундай уйларни қуриш учун буюртмачи қилиб тайинланган.

Намунавий лойиҳалар асосида қурилган коттежларнинг сифатсизлиги, айрим ҳудудларда яшаш учун ҳам яроқсиз ҳолда аҳолига топиширилгани ҳақида шикоятлар кўп ва буни президентнинг ўзи ҳам эътиро этган.

Эндиликда тармоқларда, сифатсиз уйларнинг томларидаги конструкцияларнинг заифлиги яна бир карра яққол кўрингани танқидларга сабаб бўлмоқда.

Жумладан, ўзбекистонлик журналист ва таниқли блогер Зафарбек Солижонов бу ҳақда шундай ёзди:

"Эски уйлардаги шиферлар масаласику тушунарли. Чириган ва шамол учирган. Лекин мана бу уйларга менимча кўп бўлмади қурилганига. Табиий офатку деймиз. Лекин олган пулига уйи арзирмикин? Битта шамол ёки зилзилада тўкилиб тушса, нега керак бу уйлар? "Қишлоққурилиш"нинг уйларими бу ёки бошқасими? Компания эгаларининг сал виждони қийналдимикин? Бир-икки йил аввал роса олишгандим шу каби ташкилотлар билан. Кейин айланиб кооооооттаконлардан биттасига бораркан булар ҳам. Ўшанда шартноманинг шартини бузиб истаганича уй нархини оширишганда, тешиб чиққурлар".

Намунавий типдаги уйларнинг асосий қисми 2 - 4 сотихли участкаларда қурилган ва нархи 90 миллион сўмдан 150 миллион сўмгача белгиланган.​

Бухорода шамол том қисмини учириб кетган намунавий типдаги уйлар, 28 апрель, 2020
Бухорода шамол том қисмини учириб кетган намунавий типдаги уйлар, 28 апрель, 2020

Сув хўжалиги вазирлиги Амударё тошиши эҳтимолиги йўқ, деб маълум қилди

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати ҳозирги кунда Амударёда сув тошқини юз беришининг умуман эҳтимоли мавжуд эмас, деб баёнот берди.

Баёнотга кўра, дарёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган нуқтасидаги Термиз сув ўлчаш постида ҳозирда ўртача 1300 метр куб/сек. сув оқиб ўтмоқда. Бу кўрсаткич ўртача кўп йиллик меъёрга нисбатан 3-4 бараварга кам, дейилди.

Шунингдек, Амударёнинг Бухоро вилоятига сув олиш ҳудудида жойлашган “Атамират” сув ўлчаш постида ҳам бугунги кунда ўртача 805 метр куб/сек. сув оқиб ўтаётган бўлиб, кўп йиллик меъёрга нисбатан 4 бараварга камдир.

Аммо шунга қарамай, баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев Амударёдаги сув ресурсларига боғлиқ вазиятни Тожикистон Республикаси сув ва энергетика вазири Усмонзода Усмонали билан телефон орқали муҳокама қилган.

Мулоқот чоғида У.Усмонзода Амударёда ҳеч қандай тошқин бўлиши мумкин эмаслиги ва бунга бирор-бир омил йўқлигини таъкидлаган.

Шу тариқа вазирлик 27 - 28 апрель кунлари кучли шамолдан азият чеккан Бухоронинг Олот ва Қоракўл туманларида тошқин бўлиши ҳақидаги миш-мишлар мутлақо асоссиз, деб рад қилди.

"Чунки, халқаро сатҳлар шкаласига (Болтиқ тизимига) нисбатан Каспий денгизининг сув сатҳи 27 метр пастда, Олот ва Қоракўл туманларининг ер сатҳи эса ўртача 190 метр юқорида жойлашган. Бундан кўриниб турибдики, Каспий денгизининг сув сатҳи Олот ва Қоракўл туманлари ер сатҳидан ўртача 217 метр пастда ҳамда 950 километр узоқликда ҳисобланади", дейилади баёнотда.

Мирзиёев Олот ва Қоракўл аҳлига уйларини тез фурсатда янгилаб беришни ваъда қилди

28 апрель куни Бухоро вилоятининг Олот туманида маҳаллий аҳоли билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев марказида ҳудуд фаоллари билан учрашув ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувда президент Тошкентда туриб ҳамма маълумотни қўлига олгани, аммо вазиятни ўз кўзи билан кўриш ва одамлар билан шахсан учрашиш учун махсус борганини таъкидлаган:

"Олот ва Қоракўлда бўлган воқеа — бу ҳам Худо таолонинг бир синови. Кечадан бери 10 марта маълумот берилди, раҳбарлар камерани ҳам кўрсатди, расмни ҳам кўрсатди. Лекин кўнглим тинчимади... Тошкентдан туриб гапириш ҳам мумкин, лекин келиб кўриш — мутлақо бошқа нарса... Сизлар билан кўришиб, кўриб кетганим учун ўзим тинч юраман".

Президент уйи бузилганларга ва бузилган мактаб, боғча, шифохоналарни тиклаш учун зарур маблағни ажратиш учун барча ҳужжатларни имзолаб қўйганини айтган:

"Иккала туманни ҳам янгилаб оламиз. Биронта хонадон, биронта корхона, далалардаги биронта фермерга ҳам зарар келтирмаймиз. Мен ҳамма қарорларни қабул қилдим, ҳеч кимга зарар етмайди. Уйнинг олдига шиферни ҳам олиб бориб қўямиз, тахтасини ҳам олиб борамиз. Ўзимизнинг карантиндан ўтган қурувчиларимиз қурса, ўшанда хавф-хатар камроқ бўлади. Майли, бунинг ҳам кетгани — улуғ айём кунларида садақа дейди — садақа бўлсин", деди Президент.

Бухорода ўлган одам узилиб тушган электр симига ўралашиб қолган

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 28 апрелда Бухоро вилояти Олот тумани фаоллари билан учрашувда маълум қилди.

“Фақат фуқаро Ашуров — жойи жаннатдан бўлсин — у ҳам электр билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этган; фарзанди тирик. Унга ҳам барча чора-тадбирларимизни кўрамиз”, - деб иқтибос келтиради президент сўзларидан “Дарё уз”.

Ҳокимият ваҳимадан қочиб Замонбобо қирига йиғилганларни тарқатди

Daryo.uz нашри мухбири тошқин бўлиши ҳақидаги ваҳималардан сўнг Қоракўл туманининг одамлар йиғилган Замонбобо қиридан репортаж ҳозирлади.

Мухбирнинг ҳикоя қилишича, кучли шамол, ёмғир аралаш довулдан сўнг Бухоро вилоятида электр токи узилиб, телефон алоқалари ҳам узилган.

Натижада, илгари кузатилмаган миқёсдаги табиий офатдан энг кўп зарар кўрган Олот ва Қоракўл туманларининг дунёдан узилиб қолган аҳолиси орасида ваҳима тарқалиб кетган.

Одамлар сув тошқини ва сел келишидан қўрқиб, тепалик ва қирларга йиғила бошлаган.

Коронавирус карантинида ўзи туғилиб ўсган Қоракўл туманида бўлган «Дарё» журналисти, таниқли блогер Феруз Муҳаммад айни воқеалар марказида қолган.

Мухбир қирга чиққанидан кейин кўпчиликда телефон алоқалари тиклангани, вазият ойдинлашгани ва туман ҳокимияти вакиллари келиб, аҳолини тинчлантириб, уйларига тарқатганини хабар қилди.

ФВВ: Қоракўлда катта кўчага чиққан одамлар қайтарилди

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида автомобил ва тракторларда катта йўлга чиққан уйларига қайтарилгани хабар қилинди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб, маҳаллий нашрларнинг маълум қилишича, Қоракўл ва Олот туманларида гўёки Амударё сувлари қирғоқдан тошиб чиқиши мумкинлиги ҳақида аҳоли ўртасида асоссиз миш-мишлар тарқалган.

"Шу миш-миш сабаб одамлар яшаш жойини ташлаб чиққан. Аслида бу ёлғон тасаввур. Ҳозирда барча тегишли хизматлар, Миллий гвардия, ФВВ, ИИВ ходимлари у ерда бўлиб, тушунтириш ишлари олиб бориб, аҳолини яшаш жойларига қайтармоқда. Чунки бундай хавф йўқ", деган ФВВ вакили "Дарё.уз" нашрига.

Бундан бироз муқаддам Телеграм тармоғидаги «Потребитель Бухара плюс» каналида одамлар енгил автомобиллар, юк машиналари ва ҳатто трактор тиркамаларида оммавий равишда катта йўлда кетаётган акс этган видео тарқатган эди.

Аввалига булар уйларига катта зарар етган одамлар экани ва уларнинг Бухоро шаҳрига кетаётгани ҳақида норасмий маълумотлар пайдо бўлди.

Аммо, кейинчалик вилоят ҳокимлиги ва ФВВ бу каби маълумотларни инкор қилиб, булар дарё тошиши ҳақидаги асоссиз ваҳимадан уйини ташлаб чиққанлар, деб изоҳ берди.

Sizdantelegram: шамол вайроналарини тиклаш бошланди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда тегишли хизматлар ҳамкорлигида 28 апрелга ўтар кечаси Бухоро вилояти ҳудудида юзага келган кучли шамолнинг вайронкор оқибатлари бартараф этмоқда.

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ шамолдан зарар етган ҳудуларда газ таъминотини тиклади

"Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг хабар қилишича, 28 апрель куни давомида 63 та авария-тиклаш бригадалари Самарқанд ва Навоий вилоятлари, Бухоро шаҳри ҳамда Бухоро вилоятининг айрим туманларидаги истеъмолчиларга газ таъминотини тўлиқ тиклаган.

Бухоро вилоятида кучли шамол ва ёмғир туфайли 120 та газ қувурлари ва газ таъминоти тизимининг бошқа объектларига талофат етказилгани аниқланган.

Натижада эса, 138 мингдан ортиқ хонадон вақтинча газ таъминотидан узилиб қолганди.

Расмий хабарга кўра, 28 апрель кечга қадар Бухоро вилоятининг Бухоро, Когон, Ромитан, Пешку, Ғиждувон, Шофиркон, Қоровулбозор ва Вобкент туманларида таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланган. 90 мингдан ортиқ хонадонга газ таъминоти қайта тикланган.

Президент Олот ва Қоракўлни вертолётда айланди

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев Бухоронинг Қоракўл ва Олот туманларидаги ҳолатни вертолётда кўздан кечирган.

Кейин эса президент Олот тумани марказида маҳаллий аҳоли вакиллари, фаоллар билан учрашув ўтказган.

Президент кечаги кучли шамол кутилмаган ва илгари кузатилмаган табиий офат бўлганини қайд этди:

"Халқимиз ҳамжиҳат бўлиб, бундай синовларни кўп енгиб ўтган. Бу сафар ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилиб, талофат оқибатлари тезда бартараф этилади. Энг муҳими, руҳни туширмай, биргаликда курашсак, бу қийинчиликлардан кучли бўлиб чиқамиз", деб таъкидлаган президент.

Ҳокимлик: 4800 та якка тартибдаги аҳоли уй-жойларига зарар етган

Бухоро вилояти ҳокимлиги 27 апрель кунги кучли шамол оқибатида вилоятда аҳоли уйлари ва давлат ҳамда бошқа ташкилотларга қарашли биноларга етган зарарга оид дастлабки маълумотларни эълон қилди.

Расмий маълумотга кўра, вилоят бўйича жами 5 минг 293 та объектнинг 378 минг 238 кв.метр том қисмида шифер қопламалари, 1 минг 630 кв.метр бино ва деворлари, 15 минг 415 дона эшик ва деразаларига шикаст етган.

Жумладан:

12 та соғлиқни сақлаш объектлари,

52 та умумтаълим мактаби,

43 та мактабгача таълим объекти,

63 та кўп қаватли уй-жой,

4800 та якка тартибдаги аҳоли уй-жойлари,

220 та нотурар объектлар (савдо дўконлари, маъмурий бинолар в.ҳ.к)

3 та маданий мерос объекти,

11 та спорт объектининг томидаги шифер қопламалари, эшик ва деразаларга зарар етган.

Бундан ташқари, 82 ҳолатда табиий газ таъминотида, 120 ҳолатда электр энергияси таъминотида узилиш ва авария ҳолатлари қайд қилинган.

Кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатида вилоят бўйича 42 минг 400 дона йирик дарахтлар синиши ва қулаши қайд қилинди.

Бинолар остида ва дарахтлар остида қўйилган юридик ва жисмоний шахсларнинг 415 та автотранспортларига жиддий зиён етди.

Соғлиқни сақлаш бошқармасининг берган маълумотига кўра, 41 нафар фуқарога шундан, 32 нафарига енгил, 7 нафарига ўрта ва 1 нафар фуқарога оғир тан жароҳати етди. Қолаверса, 1 та ҳолатда ўлим қайд этилди.

Енгил ва оғир тан жароҳати етган 8 нафар фуқаро тиббиёт муассасасига ётқизилди. 32 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилди.

Мирзиёев Олот ва Қоракўлда бўлди

Ўзбекистон расмий телевидениесининг хабар қилишича, президент Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида бўлган.

Табиий офат оқибатларини кўрган ва маҳаллий аҳоли билан учрашган.

"Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Олот туманида фаоллар, қурувчилар ва аҳоли билан учрашув ўтказмоқда", деб хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканали.

Ўзгидромет: мамлакатда бунақа кучли шамол 5 - 10 йилда бир бўлади

Ўзгидромет ташкилоти Ўзбекистондаги қатор вилоятларда 27-28 апрелда кузатилган об-ҳавонинг синоптик таҳлилини Озодликка йўллади.

Таҳлилга кўра, 27-28 апрелда Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали хорижий жанубдан циклон кирган ва мамлакатда нобарқарор об-ҳаво кузатилган.

"Республика бўйича шамолнинг тезлиги секундига 13-20 метргача (46-25 км/соатгача), Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё вилоятларининг баъзи жойларида секундига 22-25 метргача (79-90 км/соатгача) етгани қайд этилди.

Бухоро вилоятининг айрим жойларида (Қоракўл) шамолнинг шиддати секундига 30 метргача (108 км/соат), Навоий вилоятида (Навоий) 35 метргача (120 км/соат) етди.

27-28 апрель кунлари учун Ўзгидромет айрим жойларга ёмғир ёғиши, момақалдироқ ва шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача (54-72 км/соатгача) кучайишини прогноз қилган", дейилади Озодликка йўлланган таҳлилда.

Унда таъкидланишича, шамолнинг фактик тезлиги айрим жойларда кутилганидан юқори бўлган ва бундай кучли шамол Ўзбекистон ҳудудида 5 - 10 йилда бир содир бўлади:

"Бундай кучли шамол иккита омил: босимнинг кескин ўзгариши ҳамда атмосфера фронти зонасидаги ҳароратларнинг сезиларли фарқланиши натижасида юзага келди.

Тезлиги секундига 15-20 метр, айрим жойларда 22-24 метргача етадиган кучли шамоллар Ўзбекистонда баҳорда ва ёзнинг бошида деярли ҳар йили кузатилади, лекин бу сафаргидек кучли шамол камдан-кам – 5-10 йилда бир марта содир бўлади".

Бухорода айрим оилалар уйи яроқсиз ҳолга келди

Озодликка Бухоро вилоятининг Олот туманидан йўлланаётган хабарларда туманнинг айрим ҳудудларида аҳоли уйларига жиддий шикаст етгани айтилмоқда.

Олот туманида вайрон бўлган аҳоли уйларидан бири, 28 апрель, 2020
Олот туманида вайрон бўлган аҳоли уйларидан бири, 28 апрель, 2020

Бундай уйларнинг аксарида томлари учиб кетган, шиферлар умуман қолмаган. Уй эгалари бино яшаш учун яроқсиз ҳолга келиб қолганини айтишмоқда.

Олот туманида вайрон бўлган аҳоли уйларидан бири, 28 апрель, 2020
Олот туманида вайрон бўлган аҳоли уйларидан бири, 28 апрель, 2020

ФВВ матбуот хизмати ҳозирда яшаш ёки фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган бинолар, аҳоли уйлари ва уларнинг моддий ҳажми ҳақидаги маълумотлар тўпланаётгани, тез орада расмий баёнот берилишини билдирди.

Мирзиёев табиий офат ортидан Бухорога йўл олди

Президент Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни содир бўлган табиий офат оқибатларини кўздан кечириш, зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида сешанба куни Бухоро вилоятига жўнаб кетди.

Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди:

"27 апрель куни республикамиз ҳудудига кириб келган кучли шамол Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида аҳоли ҳаёти, инфратузилма тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етказган. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу табиий офат оқибатларини кўздан кечириш, зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида Бухоро вилоятига жўнаб кетди".

Маълумотларга кўра, кеча Ўзбекистон ҳудудида юз берган кучли шамол Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида аҳоли ҳаёти, инфратузилма тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етказган.

Табиий офат оқибатида 1 киши ҳаётдан кўз юмган, камида 30 киши тан жароҳати олган.

Расмийларга кўра, кучли шамол Ўзбекистонга Туркманистон ҳудудидан кириб келган. Шу важдан ҳам бу мамлакатга қўшни бўлган Бухоро вилояти энг кўп зарар кўргани айтилмоқда.

ФВВ: Ўзгидромет шамол фавқулодда кучли бўлиши ҳақида огоҳлантирмади

Озодликка турли вилоятларда келаётган мурожаатларда 27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси турган кучли шамол ва бўрондан аҳоли огоҳлантирилмагани айтилмоқда.

Одатан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) ​бундай ҳолларда аҳолига смс-хабарлар йўллаши кузатилар эди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) матбуот хизматининг маълум қилишича, республиканинг қатор вилоятларида 28 апрель куни кучли шамол эсиб, бўрон туриши - шарқдан 7-12 м/с (25-43 км/соат) тезликда шамол эсиши ҳақида маълумот тарқатилган.

Аммо, шамолнинг бу қадар кучли бўлиши - айрим ҳудудларда 9-40 м/сек. (32-140 км/соатгача) етиши ҳақида Республика Гидрометеорология хизмати марказидан (Ўзгидромет) маълумот келмаган.

"Жуда кучли шамол, сел-сув тошқини, қор кўчкиси бўлса, бизга Гидромет хабар беради ва биз ўзимизнинг сайтларимиз орқали огоҳлантириб борамиз доимий. Лекин, айнан бу даражада кучли шамол бўлиши тўғрисида бизга Гидрометдан хабар келиб тушмади", деди ФВВ матбуот хизмати вакили.

Аммо, шундай огоҳлантирув 27 апрель оқшомида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан тарқатилди:

"Тошкентда кучли шамол эсиши кутилмоқда! Мулкингизга зиён етишини олдини олиш учун дарахтлар тагида ва реклама устунлари яқинида қолдирган автомобилларингизни хавфсизроқ жойга қўйишингизни сўраймиз. Деразаларни маҳкам ёпинг. Ташқи токчадан гултуваклар ва бошқа буюмларни олишингизни тавсия этамиз. Электр билан боғлиқ узилишлар юзага келган тақдирда, маиший электр ускуналарингизни электр тармоғидан узиб қўйинг".

ФВВ матбуот хизматига кўра, Тошкент шаҳри аҳолиси учун 27 апрель куни пайдо бўлган алоҳида огоҳлантирув ИИББга оид, бундай огоҳлантирувни ФВВ тарқатмаган.

Ўзгидромет ташкилоти эса Озодликка бу борада тез орада расмий баёнот берилишини маълум қилди.​

Тошкентдаги огоҳлантирув кўпчиликка асқотди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ИИББнинг огоҳлантирувидан сўнг кўпчилик ҳайдовчилар машинасини дарахт остидан олгани, катта кўчаларнинг ёқасига қўйгани кузатилди.

Шунингдек, шамол туриши билан шаҳарликлар кўчага чиқмай, уйида қолишгани ҳақида тармоқларда кўплаб постлар қўйилди.

Синоптик: Ўзгидрометда атмосферадаги тез ўзгарувчан жараёнларни аниқлаш имкони чекланган

Ўзгидромет ташкилотига яқин синоптикнинг Озодликка айтишича, 27 апрель куни мамлакатга қўшни Туркманистон томонидан кучли шамол келиши ҳақида бир неча кун аввал маълумот бўлган.

Аммо, шамолнинг кутилмаганда 90 киломтер соатга қадар кучланиб кетиши Ўзгидромет мутахассислари учун ҳам кутилмаган бўлган.

"Мен мутахассис сифатида ҳозир вазиятни таҳлил қилиб турибман. Аслида икки-уч кун аввал Қорақалпоғистон, кейин Бухоро ва унга қўшни вилоятларда штормовой шамол бўлиши - 15-20 м/с. (90 км/соатгача) ҳақида хабар тарқатилган эди. Бу ҳам кучли бўронли шамол ҳисобланади, аслида. Лекин, шамол кутилмаганда зта қаттиқ кучланиш олди - биз мутахассислар ҳам буни ҳам кутмагандик", дейди исмини ошкор қилмаётганимиз синоптик.

Унинг айтишича, атмосферада қисқа муддатда ўзгариб кетадиган шунақа жараёнлар бўлиб туради, аммо ўзбекистонлик синоптикларда буни тез фурсатда, аввалдан билиш имкони жуда чекланган:

"Марказий Осиёда шунақа жараёнларни тез ва олдидан билиш имконини берадиган аэрологик станциялар бўлиши керак. Аммо, Ўзбекистонда бунақа станция ҳануз йўқ. Бизга энг яқин бўлган Қозоғистон шимолида битта станция бор, аммо у фақат ўша ҳудудга мўлжалланган станция, холос. Аслида бундай станция ҳам, кеча кузатилган кучли шамолларни аввалдан прогноз қилиш учун жуда зарур", дейди ўзбекистонлик синоптик.

Аэрология станциялари ер юзасга туташган қатламдан баландда содир бўладиган физик ҳодисалар ва жараёнларни ўрганувчи станциядир.

Бундай станциялар атмосфера таркиби, булут ва ёмғирларнинг ҳосил бўлиши, ҳар хил баландликдаги ҳаво оқимларини ўрганиб, тегишли ташклотларга маълумот боради, ўз навбатида, бу маълумотлардан қисқа ва узун муддатдаги об-ҳаво прогнозларини ҳозирлашда ҳам фойдаланилади.

Қашқадарёда 28 апрель кундузи ҳам кучли шамол давом этмоқда

Телеграм тармоғидаги каналлардан бирида тарқалган видеода ​Қашқадарёнинг Китоб туманида яшайдиган фойдаланувчи ёмғир аралаш кучли шамол эсаётганини айтади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу вилоят ва қўшни вилоятда кучли шамол 27 апрель куни соат 20:00дан 28 апрель соат 00:30га қадар давом этганини хабар қилган. ​

Шамол тезлиги 9-40 м/сек.ни (32-140 км/соатгача) ташкил қилган.

Тармоқларда қашқадарёликларнинг ёзишича, шамол тезлиги сусайган, аммо ҳануз тинмаган.

Олотда шифохонанинг томини шамол учирди

Бухоро вилоятининг Олот туманидаги марказий шифохона ва унинг яқинидаги бинолар томидаги шиферларни шамол учиргани акс этган видеолар тармоқларда тарқалди.

Телеграм тармоғидаги каналларда тарқалган видеолардан бирида шамол кўчанинг у юзига учириб юборган шиферлар уюми акс этган.

Талафотнинг асосий қисми Бухорога тўғри келди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган баёнотда айтилишича:

“Юзага келган шамол оқибатларининг асосий қисми Бухоро вилоятига тўғри келади. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг берган маълумотига кўра, тахминан 29 нафар фуқаро енгил ва 1 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олган бўлиб, 1 та ҳолатда ўлим қайд этилган”.

Вазирликнинг 28 апрелдаги расмий билдирувида айтилишича, 27 апрель куни, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати Маркази соат 20:30да берган хабарга асосан, Бухоро вилоятининг бир қатор туманларида эсган шамолнинг кучи 15-25 м/секунд (90 км/соатгача) тезликда бўлган.

Шамол Ўзбекистонга Туркманистон ҳудудидан кириб келган

Кучли шамол 27 апрель куни соат 20:00дан 28 апрель соат 00:30га қадар давом этган. ​

“Республикамизнинг Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 9-40 м/сек. тезликда шамол эсиши кузатилган”, дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.

Содир бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича вилоят ҳокимликларида штаблар ташкил этилиб, фавқулодда вазиятларни баҳолаш комиссиялари келтирилган зарарларни аниқлаш ишларини олиб бормоқда.

Амалий тадбирларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмаларининг 704 нафар шахсий таркиби, 127 та автотранспорт воситаси, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ИИБ, ССБ, Коммунал ва бошқа тегишли хизматлардан масъул ходимларни жалб этилган.

138 мингдан ортиқ хонадон вақтинча газдан узилган

“Ҳудудгазтаъминот” ширкати эса Бухоро вилоятида кучли шамол ва ёмғир натижасида газ қувурлари ва газ таъминоти тизимининг бошқа объектларида 120 дан ортиқ авария ҳолатлари аниқланганини билдирди.

Хусусан, «Шофиркон-1», «Шофиркон-2», «Пешку-1», «Пешку-2», «Ромитан-2», «Ромитан-3», «Ромитан-4», «Жондор-1», «Известковий», «Ғиждувон», каби газ тақсимлаш станциялари (ГРС) ва «Ғиждувон», «Олот» ва «Қоракўл» каби йўналишлар фавқулодда ўчирилган.

138 мингдан ортиқ хонадон вақтинча газ таъминотидан узилган. Жумладан, Навоий вилоятининг Конимех, Навбаҳор, Қизилтепа, Кармана туманларида 21 557 та, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 6 100 та, Бухоро вилоятининг Бухоро, Когон, Ромитан, Пешку, Ғиждувон, Шофиркон, Қоровулбозор, Вобкент, Жондор, Қоракўл ва Олот туманларида 110 490 та, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Пахтачи, Иштихон, Нарпай туманларида 141 та хонадон вақтинча газсиз қолди.

Айни пайтда аҳолига табиий газ етказиб беришни қайта тиклаш тўғрисидаги маълумот қўшимча равишда тақдим этилиши маълум қилинди.

Ҳаво линияларида 210 дан ортиқ узилишлар вужудга келди

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ширкати ҳам кучли шамол оқибатида юзага келган авария ҳолатлари сабаб электр таъминотининг фавқулодда ўчиш ҳолатлари юз бераётганини маълум қилган эди.

"Дастлабки маълумотларга кўра, республика бўйича, 110 кВ ҳаво линияларида 10 дан ортиқ, 35 кВ ҳаво линияларида 4 та ва 6-10 ҳаво линияларида 210 дан ортиқ узилишлар вужудга келган. Энг катта талофат кўрган ҳудуд Бухоро вилоятига тўғри келади", дейилади "Hududiy elektr tarmoqlari" ширкати 28 апрелда тарқатган билдирувда.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG