Давлат инспекцияси ёшларни Россия институтининг ёлғон тарғиботидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Россиянинг Шарқий Европа институти Ўзбекистонда ноқонуний таълим фаолияти билан шуғулланаётганини қайд этиб, ёшларни дипломи тан олинмайдиган олий таълим муассасалари тарғиботига ишонмасликка чақирди.

Инспекцияга кўра, мазкур институт масофавий олий таълим хизматларини Ўзбекистонда белгиланган тартибда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмасдан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 22-сонли мусиқа, санъат ва бахшичилик мактаби биносида таълим фаолияти билан шуғулланмоқда.

“Шунингдек, карантин сабабли юртимиздаги олий таълим муассасаларида таълим жараёнлари масофавий шаклда ташкил этилгани ниқоби остида кўплаб консалтинг ташкилотлари ўз рекламаларида “дипломи Ўзбекистонда тўғридан-тўғри тан олинади” каби асосланмаган маълумотлар билан масофадан таълим берадиган хорижий олий таълим муассасаларини тарғибот қилишмоқда”, дейилади инспекция хабарномасида.

Давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонунида ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда (кундузги, сиртқи ҳамда кечки таълим шакллари кўзда тутилган) таълим олиш белгилангани, лекин масофавий таълим шакли ушбу қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаганини эслатган. Бундан масофавий таълим шаклида ўқиб олинган ҳужжатлар Ўзбекистонда тан олинмаслиги келиб чиқади.

Инспекция ёшларга турли ташкилотлар ёки фуқаролар томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда хорижий давлатларда масофавий таълим олиш бўйича кенг жамоатчиликка берилаётган рекламаларга ишонмасликни тавсия қилган.