Мирзиёев Путин билан инқирозга қарши кураш масалаларини муҳокама қилди

Президент матбуот хизматига кўра, Мирзиёев билан Путиннинг телефон орқали суҳбати "ҳар доимгидек самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтган".

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган байрам – фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бир-бирларини самимий табриклаганлар.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Россия президентлари икки томонлама стратегик шериклик муносабатларига оид долзарб масалаларни кўриб чиққанлар.

Президентлар бўлажак олий даражадаги тадбирларни пухта тайёрлаш муҳимлигига эътибор қаратганлар. Глобал инқирознинг салбий оқибатлари иқтисодий ҳамкорлик суръатига таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик мақсадида саъй-ҳаракатларни янада бирлаштириш ва олдиндан чора кўриш муҳимлиги қайд этилган.

Мулоқотда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ вазият муҳокама қилиниб, инқирозга қарши курашиш, шу жумладан, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий кафолатларни кучайтириш, бизнесга ҳар томонлама кўмаклашиш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини қўллаб-қувватлаш, чекловларни босқичма-босқич юмшатиш борасида иккала мамлакатда амалга оширилаётган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланган.

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари пандемияга қарши самарали курашиш мақсадида саъй-ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштириб бориши ва яқиндан ҳамкорликни давом эттириши муҳимлиги таъкидланган.

Икки президент мулоқот пайтида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашганлар.