Экспортчиларни дастаклаш бўйича қарор қабул қилинди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарор экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилингани айтилмоқда.

Ўтган йил май ойида Ўзбекистондан маҳсулотларни экспорт қилишда темир йўл транспорти билан ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми жорий қилинганди. Президентнинг кечаги қарорига мувофиқ, айни механизм маҳсулотларни автомобиль ва ҳаво транспортида экспортга ташишга ҳам татбиқ этиладиган бўлди.

Қарор иловаси билан мазкур тартибга тааллуқли бўлган маҳсулотлар рўйхати (68 та пункт) тасдиқланган.

Президент қарорида Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан экспорт операциялари бўйича олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан жорий қилинган барча турдаги мажбурий тўловлар ва ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлигини текшириш амалиёти 2021 йил 1 январга қадар бекор қилиниши ҳам қайд этилган.