Тошкент ҳокимияти “Қанотчи” ресторани тўғрисида ёлғон ахборот тарқатгани фош этилди

“QANOTCHI” қаҳвахонаси карантин талабларига риоя этмасдан ўзбошимчалик йўл билан фаолият юритгани аниқланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси Тошкент шаҳар ҳокимиятининг 11 май куни “Қанотчи” ресторани карантин пайтида тажриба тариқасида иш олиб боргани тўғрисидаги хабарини рад этди.

“Тошкент шаҳар Яккасарой туман Санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг 2020 йил 9 майдаги билдирги хатига асосан Муқимий ва Қушбеги 1-тор кўчаси 21-уйда жойлашган “GОURMET RESTAURANT” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “QANOTCHI” қаҳвахонаси карантин талабларига риоя этмасдан ўзбошимчалик йўл билан фаолият юритгани аниқланди”, дейилади Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси расмий билдирувида.

Хабарда айтилишича, ресторан хўжайинига қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилиши учун Яккасарой туман Маъмурий судига ҳужжатлар топширилган. Ресторан ноқонуний фаолият юритгани учун ёпилган.

Бир неча кун олдин Тошкентдаги “Қанотчи” ресторани карантин тартибини бузган ҳолда ноқонуний фаолият юритаётгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлганди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти 11 майда ресторан карантин пайтида “тажриба сифатида иш олиб боргани”ни иддао қилган ва ресторан ишга тушгани тўғрисида “нотўғри ахборот тарқатиб, пойтахт аҳолисига янглиш маълумот беришда айбдорлар” жазоланишини билдирган эди.