“Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси Сардоба сув омборида 1 май куни рўй берган сув тошқини оқибатида талафот кўрган аҳоли уйларининг кадастр ҳужжатларини бепул тайёрлаб беради. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Мазкур тошқин натижасида 10 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 20 та аҳоли яшаш пунктида жами 5969 та турар ва 277 та нотурар жой объектлари зарарлангани айтилмоқда.
“Ергеодезкадастр” маълумотига кўра, 5969 та турар жойнинг 4587 таси якка тартибдаги уй-жой, 1337 таси кўп қаватли уй ва 45 таси қурилиши тугалланмаган уй-жойлардир.
Қўмита зарарланган турар ва нотурар жойларнинг кадастр ҳужжатлари ва кадастр паспортларидан 3599 тасига дубликат ҳужжатлари кўчмас мулк эгалари ва фойдаланувчиларига тақдим этиш учун тайёрланганини маълум қилган.