Ўзбекистонда ҳудудлар мева-сабзавотнинг муайян турларини етиштиришга ихтисослаштирилади

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида республика ҳудудларини босқичма-босқич қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларини етиштиришга ихтисослаштирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 11 май куни имзоланган “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида қайд этилади.

Қарордан мақсад қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, туманлар ҳудудларини тупроқ-иқлим шароитларига мос боғдорчилик, узумчилик, сабзавот-полизчилик, картошкачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштириш орқали ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш ҳамда илм-фан янгиликларини кенг жорий этиш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш экани урғуланган.

Президент қарорида республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларига ихтисослаштириш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида мувофиқлаштирувчи кенгашнинг эксперимент тариқасида 2020-2022 йиллар давомида Жиззах вилоятининг жами 116,3 минг гектар қўшимча ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Қарор билан 2021 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари божхона божидан озод этилган.

Президент қарорида ихтисослаштирилган ҳудудларда ташкил этиладиган ҳар бир агрокластерга халқаро стандартларга (Global GAP, Organic, ISO 22000 ва бошқалар) мувофиқ хавфсизликни бошқариш тизимларини жорий этиш белгиланган.