Мирзиёев шаҳарлараро ҳаво ва поезд қатновини тиклаш режаланаётганидан баҳс этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни тиклаш, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда Мирзиёев поезд ва авиақатновни қайта йўлга қўйиш заруратини олис ҳудудларнинг пойтахт билан транспорт алоқасини тиклаш жуда долзарб бўлиб тургани билан изоҳлаган.

Президент шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилаётгани ҳам қўшимча қилган. Бу борада у Транспорт, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари олдига Республика комиссиясига таклиф киритиш вазифасини қўйган.

Йиғилишда “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда хизмат кўрсатиш турларига босқичма-босқич рухсат бериш мумкинлиги ҳам белгиланган.