Ўзбекистонда Хотира ва Қадрлаш куни номини ўзгартириш таклиф этилмоқда

Президент Мирзиёев "Ғалаба боғи"нинг очилиш маросимида.

Ўзбекистонда бир гуруҳ фуқаролар 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунини Ғалаба ва Хотира кунига ўзгартириш ташаббуси билан чиқди. Бу борадаги петиция Mening fikrim жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилди.

Петицияда айтилишича, “Халқлар дўстлиги” санъат саройи номининг қайта тикланиши, “Шомаҳмудовлар оиласи” ҳайкалининг жойига қайтарилиши каби воқеалар “тарихга катта эътибор қаратилаётгани”дан дарак беради.

Петицияда бундан ташқари Ўзбекистондан 1 млн 430 минг нафардан зиёд киши Иккинчи жаҳон уришида қатнашгани ҳам таъкидланади.

“Юқорида келтирилганларни ҳисобга олган ҳолда, 9 май Хотира ва Қадрлаш куни номини “Ғалаба ва Хотира куни”га ўзгартиришни таклиф қиламиз”, дейилади мурожаат сўнгида.

Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бошлаб Хотира ва қадрлаш куни Ғалаба куни сифатида нишонлана бошланган эди. Бироқ бу куннинг номи расман ўзгартирилмаган.