Молбоқар ва балиқбоқарларга субсидияларни ажратиш тартиби белгиланди

Ўзбекистон ҳукумати ўзининг 12 май кунги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан чорва маҳсулотлари ва балиқ етиштирувчи хўжаликларга ҳамда паррандачилик хўжаликларига субсидиялар ажратиш тартибини белгилаб берди, бунга оид тегишли низомлар тасдиқлади.

Адлия вазирлигига оид “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-каналининг маълум қилишича, мазкур қарор билан чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича туманлар (шаҳарлар) комиссияларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар комиссияси таркиби ҳам тасдиқланган.

Белгиланган тартибга мувофиқ субсидия олиш учун қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

  • Субсидия олувчи туман комиссиясига ариза билан мурожаат этади.
  • Туман комиссияси аризани кўриб чиқиб, субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида хулоса қабул қилади.
  • Субсидия ажратиш тўғрисида хулоса қабул қилинганда бу ҳақда субсидия олувчи хулоса қабул қилинган куни хабардор қилинади.
  • Туман комиссияси томонидан ариза нусхаси, унга илова қилинган ҳужжатлар ва субсидия ажратиш тўғрисидаги хулоса вилоят комиссиясига тақдим этилади.
  • Вилоят комиссияси ўз навбатидан ҳужжатларни 2 иш кунида "Ўзбекчорванасл" агентлигига юборади.
  • Агентлик томонидан ҳужжатлар кўриб чиқилади ва субсидия маблағлари субсидия олувчиларнинг тижорат банкларидаги асосий ҳисобварақларига ўтказиб берилади.