Вазирлар ўзбек-туркман чегарасида катта савдо зоналарини қуриш масаласини муҳокама қилди

Ўзбек-туркман чегарасида янги қурилган темир йўл станцияси

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари − инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков билан Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари - ташқи ишлар вазири Р. Мередов ўртасида видеомузокара бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги “Дунё” ахборот агентлигининг хабар қилишича, 16 май кунги музокарада икки давлат чегараолди ҳудудларида йирик савдо зоналарини қуриш масаласи муҳокама қилинган.

"Ўзбекистон—Туркманистон чегарасида чегара савдо зоналарини яратиш масалалари кўриб чиқилди, бу эса икки мамлакат бозорларида талабга эга қишлоқ хўжалиги ва маиший техника, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ҳамда нефть-кимё маҳсулотлари етказиб бериш орқали товар айланмасини сезиларли даражада ошириши мумкин", дейилади агентлик хабарида.

Шунингдек, учрашувда савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларидаги ҳамкорликка оид масалалар кўрилган.