Тошкент-Бухоро-Тошкент йўналишидаги темир йўл ҳаракати қайта тикланди

Вокзалга кираётган ҳар бир йўловчининг ҳарорати тепловизорларда ўлчанмоқда.

Тошкентдан “Афросиёб” поезди 18 май куни эрталаб Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналиши бўйича йўлга чиқди.

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг билдиришича, поездларга чиқишда йўловчилар санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси "манфий" эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлишлари керак.

Хабарда таъкидланишича, темир йўл вокзаллари ҳудудига кирганда барча йўловчиларга бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплар берилмоқда.

"Вокзалга кираётган ҳар бир йўловчи қатъий равишда дезинфекция қилиниб, тепловизорларда ҳарорати ўлчанмоқда. Йўловчилар поезд вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилмоқда", дейилади хабарда.

Республика махсус комиссиясининг қарори асосида Ўзбекистоннинг айрим шаҳарларига ички авиа ва темир йўл қатновлари 18 майдан тикланиши белгиланган эди.

Қарорга асосан Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига бориш ва қайтиш авиақатновлари тикланади.

Бундан ташқари Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатновини қайта йўлга қўйиш назарда тутилган.